Оч қоринга ейиш мумкин бўлмаган маҳсулотлар
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Ошхона ва овқатланиш
- 2016-04-22 11:03:21
- 0
- 0
- 8319
Нонушта — энг муҳим овқат қабул қилиш маҳалидир. Одамнинг кун бўйи қандай аҳволда бўлиши айнан унга боғлиқ. Тан олинг, нонуштани ҳаммамиз қилавермаймиз, баъзилар эса эрталабдан тановул қиладиган нарса сўли ёрмасидан тайёрланган бўтқадан анча узоқ.
Биз оч қоринга истеъмол қиладиган баъзи маҳсулотлар саломатлигимизга салбий таъсир қилади. Мақолада келтириб ўтиладиган рўйхат ёрдамида оч қоринга ейиш мумкин бўлмаган маҳсулотларни билиб олишингиз мумкин. Ўз саломатлигингиз ҳақида қайғуринг!
Оч қоринга нималарни ейиш мумкин эмас?
Цитрус мевалар
Фильмларда қаҳрамонлар ўз кунини бир стакан апельсин шарбати билан бошлайди. Аммо реал ҳаётда бундай қилиш ҳеч ҳам мумкин эмас. Цитрус меваларнинг ўзи ва уларнинг шарбати оч қоринга тановул қилинганида гастрит ёки аллергияга сабаб бўлиши мумкин.
Банан
Банан экзотик мева деб ҳисобланмай қўйилганига анча бўлган, у кундалик рационимизнинг ажралмас қисмига айланган. Афсуски, у организмимизга фақат фойда келтириб қолмайди.
Банан секин ҳазм бўлади. Агар уни овқатдан олдин истеъмол қилсак, бу қорин дам бўлишига олиб келади ва ёқимсиз ҳиссиётларни келтириб чиқаради. Шу сабабли банан егандан сўнг сув ёки шарбат ичиш керак эмас. Шифокорлар ушбу мевани тушликдан бир соат ўтиб, ейишни маслаҳат беради.
Хом сабзавотлар
Янги узилган сабзавотлардаги кислоталар ошқозон шиллиқ қаватини қичиштириши мумкин. Шу туфайли, уларни оч қоринга истеъмол қилиш, хусусан, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолари бўлган кишилар учун, зарарлидир.
Йогурт
Оч қоринга ейилган йогурт цитрус мевалар каби кучли зарар келтирмаса-да, фойда ҳам келтирмайди. Организм эрталаб қўшимча бактерияларга эҳтиёж сезмайди. Йогуртни овқатдан икки соат ўтиб ёки уйқу олдидан еган маъқул. Фақат ушбу ҳолатлардагина у ҳазм қилиш жараёнига ёрдам беради.
Совуқ сув
Сув — ҳаёт манбаи ва овқат яхши ҳазм бўлиши учун сувни етарлича кўп ичиш керак. Бироқ бу хона ҳароратидаги ёки бироз илиқ сув ҳақида айтилган фикрдир.
Совуқ сув эса, аксинча, ҳазм қилишга салбий таъсир кўрсатади, шу туфайли уни овқат устидан ичиш керак эмас. Эрталаб ичилган совуқ сув ҳеч қандай фойда келтирмайди, овқат ҳазм қилиш жараёнини секинлаштиргани қолади, холос.
Ширинлик
Ошқозон ости бези эрталабдан етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқаришга қодир эмас, шунинг учун унга ширинликларни “юклаш” керак эмас — бу ўз саломатлигингизга нисбатан қилинган ҳақиқий жиноятдир.
Агар сиз оч қоринга тез-тез ширинлик еб турсангиз, қонингиздаги қанд миқдори меъёридан ошиб кетади. Келажакда эса бу саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммоларни, масалан, қандли диабетни келтириб чиқариши мумкин.
Қаҳва
Тонгги хушбўй қаҳва кўпчиликнинг севимли ичимлиги. Уни ҳар биримиз эрталаб оч қоринга ичиб кўрганмиз. Қаҳва ошқозон шиллиқ қаватини қўзғатади, бу эса гастрит сабабига айланиши мумкин. Ушбу ичимликни нонуштадан олдин тановул қилиш жигарга салбий таъсир ўтказади: организм ҳали яхшилаб уйғониб улгурмасидан, бу орган тозалаш бўйича жиддий ишни бажариши керак бўлади.
Эрталабдан тўғри овқатланиш яхши кайфият ва мустаҳкам соғлиқнинг 90 фоизи демакдир. Шундай экан, оч қоринга ейиш мумкин бўлмаган маҳсулотлар рўйхати доим ёнингизда ёки ёдингизда бўлсин.